Warning: The magic method Vc_Manager::__wakeup() must have public visibility in /var/www/u1851027/data/www/liquidstudio.uz/wp-content/plugins/js_composer/include/classes/core/class-vc-manager.php on line 203

Warning: The magic method MkdCore\CPT\PostTypesRegister::__wakeup() must have public visibility in /var/www/u1851027/data/www/liquidstudio.uz/wp-content/plugins/mikado-core/post-types/post-types-register.php on line 28

Warning: The magic method MkdCore\Lib\ShortcodeLoader::__wakeup() must have public visibility in /var/www/u1851027/data/www/liquidstudio.uz/wp-content/plugins/mikado-core/lib/shortcode-loader.php on line 31

Warning: The magic method MkdInstagramApi::__wakeup() must have public visibility in /var/www/u1851027/data/www/liquidstudio.uz/wp-content/plugins/mikado-instagram-feed/lib/mkd-instagram-api.php on line 71

Warning: The magic method MkdTwitterApi::__wakeup() must have public visibility in /var/www/u1851027/data/www/liquidstudio.uz/wp-content/plugins/mikado-twitter-feed/lib/mkd-twitter-api.php on line 91
Регламент – МКАС
a

Facebook

Twitter

Copyright 2015 Libero Themes.
All Rights Reserved.
 

Регламент

МКАС > Регламент

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик суди

РЕГЛАМЕНТИ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1-модда. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик суди

  1. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик суди (кейинги ўринларда – Ҳакамлик суди) фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги иқтисодий низоларни ҳал қиладиган нодавлат орган ҳисобланади.
  2. Ҳакамлик суди ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, шу жумладан “Ҳакамлик судлари тўғрисида” (кейинги ўринларда – Қонун), “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, бошқа қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек Ҳакамлик судининг Низоми, Ҳакамлик судида ҳакамлик йиғими, харажатлари ва тарафларнинг чиқимлари тўғрисидаги Низом ҳамда ушбу Регламент асосида олиб боради.

 

2-модда. Ушбу Регламентнинг қўлланиш соҳаси

  1. Ушбу Регламент Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси (кейинги ўринларда – Палата) томонидан тасдиқланган локал ҳужжат бўлиб, Ҳакамлик судида низони ҳал этишни тартибга солувчи, Ҳакамлик судига мурожаат қилиш, ҳакамлик судьяларини сайлаш (тайинлаш) қоидаларини ва ҳакамлик муҳокамаси тартиб-таомилини ўз ичига олувчи нормаларни ифодалайди.
  2. Ушбу Регламент Ҳакамлик суди ходимлари, Ҳакамлик судининг ҳакамлик судьялари рўйхатига киритилган ҳакамлик судьялари учун мажбурий ҳисобланади.
  3. Агар Ҳакамлик судига низо тақдим этилиши тўғрисидаги ҳакамлик битими тузилишида ҳакамлик битимининг тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, ушбу Регламентнинг барча қоидалари тарафлар ўртасида тузилган ҳакамлик битимининг ажралмас қисмига айланади ва ҳакамлик битими тарафлари учун мажбурий хусусиятга эга бўлади.
  4. Ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ёки Ҳакамлик суди томонидан жалб этилган ҳакамлик муҳокамасининг бошқа иштирокчилари ҳакамлик муҳокамасида иштирок этишга берган розилиги билан ушбу Регламентнинг қоидаларига риоя қилиш бўйича мажбуриятларни қабул қилади.

3-модда. Ҳакамлик суди фаолиятининг асосий принциплари

 

Ҳакамлик судининг фаолияти қонунийлик, мустақиллик, ҳакамлик муҳокамаси маълумотларининг ошкор қилинмаслиги, ҳакамлик судьяларининг холислиги, диспозитивлик, ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади.

4-модда. Ҳакамлик муҳокамаси маълумотларининг ошкор қилинмаслиги

 

  1. Ҳакамлик суди ходимлари, ҳакамлик судьялари ва ҳакамлик муҳокамасининг бошқа иштирокчилари ҳакамлик муҳокамаси давомида ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ёки уларнинг ҳуқуқий ворислари розилигисиз ошкор қилишга ҳақли эмас.
  2. Ҳакамлик судьяси ҳакамлик муҳокамаси давомида ўзига маълум бўлиб қолган маълумотлар ҳақида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмас.
  3. Агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, ҳакамлик муҳокамаси Ҳакамлик судининг ёпиқ мажлисида тарафлар ёки уларнинг вакиллари иштирокида ўтказилади. Ҳакамлик суди рухсати ва ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг розилиги билан ёпиқ мажлисда ҳакамлик муҳокамаси тарафи бўлмаган шахслар қатнашиши мумкин.

5-модда. Низо ҳал этилаётганда ва ҳал қилув қарорлари қабул қилинаётганда Ҳакамлик суди томонидан қўлланиладиган нормалар

 

  1. Ҳакамлик суди низоларни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари асосида ҳал қилади.
  2. Ҳакамлик суди шартнома шартларига мувофиқ ва иш муомаласи одатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилув қарорини қабул қилади.
  3. Агар ҳакамлик битими тарафларининг муносабатлари қонун ҳужжатлари ёки ҳакамлик битими тарафларининг келишуви билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаган бўлса ва бу муносабатларга нисбатан қўлланиладиган иш муомаласи одати мавжуд бўлмаса, Ҳакамлик суди шунга ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларини қўллайди (қонун ўхшашлиги), мазкур ҳолларда қонун ўхшашлигидан фойдаланиш имконияти бўлмаган тақдирда эса ҳакамлик битими тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларининг мазмунидан (ҳуқуқ ўхшашлиги) ҳамда ҳалоллик, оқиллик ва адолат талабларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

2-БОБ. ҲАКАМЛИК СУДИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ

 

6-модда. Ҳакамлик судьясига қўйиладиган талаблар

 

  1. Йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, низонинг холис ҳал қилинишини таъминлашга қодир бўлган, низонинг пировард натижасидан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлмаган, ҳакамлик битими тарафларидан мустақил бўлган ва ҳакамлик судьяси мажбуриятларини бажаришга розилик берган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳакамлик судьяси этиб сайланиши (тайинланиши) мумкин.
  2. Низони якка тартибда ҳал қилувчи ҳакамлик судьяси олий юридик маълумотга эга бўлиши керак. Низо ҳайъатда ҳал қилинаётганда Ҳакамлик суди таркибининг раиси олий юридик маълумотга эга бўлиши керак.
  3. Қуйидагилар ҳакамлик судьяси бўлиши мумкин эмас:

муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахс;

содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;

ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун судья, адвокат, нотариус, терговчи, прокурор ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати қонунда белгиланган тартибда тугатилган шахс;

қонунда белгиланган мансаб мақомига мувофиқ ҳакамлик судьяси этиб сайланиши (тайинланиши) мумкин бўлмаган шахс.

7-модда. Ҳакамлик судьяларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва функциялари

  1. Ҳакамлик судига кўриб чиқиш учун тақдим этилган низоларнинг ҳал қилиниши ушбу Регламентда кўрсатилган тартибда Палата Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланган ҳакамлик судьялари рўйхатидан сайланган (тайинланган) ҳакамлик судьялари томонидан амалга оширилади.
  2. Ҳакамлик судьясининг малакасига қўйиладиган талаблар ҳакамлик битими тарафлари ўртасида келишиб олиниши мумкин.
  3. Ҳакамлик судьялари ўз мажбуриятларини бажаришда мустақил ва холис бўлишлари ҳамда ҳеч бир ҳакамлик битими тарафининг вакили сифатида иштирок этишлари мумкин эмас. Ишнинг натижасидан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлган шахслар ҳакамлик судьяси бўла олмайдилар.
  4. Ҳакамлик судьяси унинг холислиги ва мустақиллигига шубҳа туғдирувчи асосли ҳолатлар мавжудлиги хусусида Ҳакамлик судига хабар беришга мажбур ва шунга ўхшаш ҳолатлар агар ҳакамлик муҳокамаси тамом бўлгунга қадар юзага келган тақдирда дарҳол Ҳакамлик суди ва тарафларга хабар бериши шарт.
  5. Низони ҳал қилиш учун сайланган (тайинланган) ҳакамлик судьялари ушбу Регламентда белгиланган вазифаларни бажаради, шу жумладан:

низонинг мазмунига дахл қилмайдиган масалалар юзасидан ажрим чиқаради;

низо ҳолатлари текширилганидан сўнг ҳал қилув қарори қабул қилади;

қўшимча ҳал қилув қарори, ҳал қилув қарорини тушунтириш ҳамда ёзувдаги хатоларни ва арифметик хатоларни тузатиш ҳақидаги ажримларни чиқаради;

ушбу Регламентга мувофиқ бошқа функцияларни бажаради.

8-модда. Ҳакамлик судининг Раиси ва унинг ўринбосари

  1. Ҳакамлик судининг раиси Палата Ижроия қўмитаси томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади. Ҳакамлик судининг раиси ўз ўринбосарини тайинлайди ва лавозимидан озод қилади.
  2. Ҳакамлик судининг раиси ёки унинг топшириғига асосан Ҳакамлик суди раисининг ўринбосари Ҳакамлик суди фаолиятини юритишини таъминлайди ва ушбу Регламентда назарда тутилган функцияларни бажаради, шу жумладан:

Ҳакамлик суди томонидан ишларни кўриб чиқишни ташкил қилишни таъминлайди;

низонинг мазмунига дахл қилмайдиган масалалар юзасидан ажрим чиқаради;

ҳакамлик судьялари томонидан Ҳакамлик суди иш юритувида бўлган низолар бўйича қабул қилинган ажрим ва ҳал қилув қарорлари нусхаларини тасдиқлайди;

Ҳакамлик судида ишларни сақлаш тартибини белгилайди;

ушбу Регламентга мувофиқ бошқа функцияларни бажаради.

 

9-модда. Ҳакамлик суди котибияти

 

  1. Котибият Ҳакамлик судида иш юритишни ташкил этиш ва олиб бориш ҳамда ҳакамлик муҳокамасини ўтказишни ташкил этиш функцияларини бажаради, шу жумладан: фуқароларни қабул қилади ҳамда Ҳакамлик судига мурожаат қилиш ва низоларни Ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқиш билан боғлиқ масалаларни тушунтиради;

юридик ва жисмоний шахсларга Ҳакамлик суди номидан тайёрланган хатларни имзолайди ва юборади;

Ҳакамлик суди мажлисига ҳужжатлар ва ишларни тайёрлайди;

Ҳакамлик суди мажлислар залидан фойдаланиш вақтини тақсимлайди;

Ҳакамлик судига мурожаатлар ва унда кўрилган ишлар ҳисобини юритади;

ҳакамлик муҳокамаси тарафлари, ҳакамлик судьялари ва Ҳакамлик суди ўртасида маълумотлар, ҳужжатлар ва материаллар алмашинувини ташкил этади;

иш юритишни олиб боради;

Ҳакамлик судининг раиси, унинг ўринбосари ва ҳакамлик судьяларининг ҳакамлик муҳокамасини ташкил этиш, Ҳакамлик суди таркибининг мажлисларини тайёрлаш бўйича топшириқларини бажаради;

ҳакамлик муҳокамаси баённомасини юритади;

ушбу Регламентга мувофиқ ҳакамлик муҳокамасини ташкил этиш бўйича бошқа ҳаракатларни амалга оширади.

  1. Котибиятга Ҳакамлик судининг раиси томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган масъул котиб бошчилик қилади.

 

10-модда. Ҳужжатларни ва бошқа материалларни юбориш

 

  1. Ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан бири ҳакамлик судига тақдим этадиган барча ҳужжатлар ва бошқа материалларнинг нусхалари, агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, Ҳакамлик суди томонидан ҳакамлик муҳокамасининг бошқа тарафига топширилиши керак. Ҳакамлик суди ўз ҳал қилув қарори учун асос қилиб оладиган эксперт хулосалари Ҳакамлик суди томонидан ҳакамлик муҳокамаси тарафларига топширилиши керак.
  2. Ҳужжатлар ва бошқа материаллар, агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, уларнинг ўзлари кўрсатган, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бўлган юридик шахснинг охирги маълум бўлган жойлашган ери (почта манзили) ёки жисмоний шахснинг охирги маълум бўлган яшаш жойи бўйича топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат билан, ёхуд шунингдек телеграф, телефакс, электрон почта ёки тезкор хабар алмашиш имконини берувчи месенджерлар (Telegram, WhatsUp ва бошқалар) орқали, кўрсатилган ҳужжатлар ҳамда материаллар етказиб берилганлиги қайд этилишини назарда тутувчи бошқача усул орқали юборилади. Ҳужжатлар ва бошқа материаллар улар етказиб берилган кунда қабул қилиб олинган ҳисобланади.
  3. Иш бўйича ҳакамлик муҳокамаси вақтида ҳакамлик муҳокамасининг тарафлари ўз манзили ўзгарганлиги ҳақида Ҳакамлик судига хабар беришлари шарт.
  4. Ҳужжатлар ва бошқа материаллар Ҳакамлик суди томонидан мазкур модданинг иккинчи қисмига мувофиқ аниқланган манзиллар бўйича етказиб берилган куни қабул қилинган ҳисобланади, шу жумладан кўрсатилган манзилда ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бўлмаса ёки яшамаётган бўлса ва бундай ҳолат топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат алоқа бўлимининг белгиси билан қайтарилганлиги тасдиқланса. Шунингдек, ҳужжатлар ва бошқа материаллар тарафларнинг шахсан қўлларига уларни имзоларини олган ҳолда топширилиши мумкин, бундай ҳолатда ҳужжатлар ва бошқа материаллар тақдим этилган куни қабул қилинган ҳисобланади.
  5. Ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ва низо кўриб чиқаётган Ҳакамлик суди таркиби ўртасидаги, шунингдек ваколатли суд билан барча ёзишмалар, материаллар тақдим қилиш ва ҳужжатлар алмашиниши Ҳакамлик суди котибияти орқали амалга оширилади.

 

3-БОБ. ҲАКАМЛИК СУДИГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

11-модда. Даъвони тақдим этиш

  1. Ҳакамлик муҳокамаси Ҳакамлик судига даъво аризаси тақдим этиш билан бошланади.
  2. Даъвогар ўз талабларини Ҳакамлик судига ёки Ҳакамлик судининг котибиятига ёзма шаклда бериладиган даъво аризасида баён этади.
  3. Даъво аризаси ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар, агар ҳакамлик битимида назарда тутилган бўлса, Ҳакамлик судига электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.
  4. Даъво аризасини топшириш куни деб Ҳакамлик судига келиб тушган кун ҳисобланади.

 

12-модда. Даъво аризаси

 

  1. Даъво аризасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

Ҳакамлик судининг номи;

даъво аризасининг санаси;

ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бўлган юридик шахсларнинг номи ва жойлашган манзили (почта манзили ва электрон манзили), жисмоний шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи;

даъвогарнинг талаблари, агар даъво бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблари;

даъвогар ўз талабларини асослаётган ҳолатлар;

даъво талабларининг асосларини тасдиқловчи далиллар;

агар даъво баҳоланиши лозим бўлса, даъвонинг баҳоси;

ундирилаётган ёки низолашилаётган сумманинг ҳисоб-китоби;

жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

тарафлар ҳакамлик битимида ҳакамлик судьяларининг шахсий таркибини белгилаган бўлсалар, улар томонидан сайланган якка тартибдаги ҳакамлик судьяси ёки ҳакамлик судьяларининг исми ва фамилияси ёхуд Ҳакамлик судининг раиси томонидан ҳакамлик судьясини (судьяларини) тайинлаш ҳақидаги илтимоснома;

даъво аризасига илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.

  1. Даъво аризасида даъвогарнинг ёки унинг вакилининг телефон, факс рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.
  2. Даъво аризасида, агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар, шунингдек даъвогардаги мавжуд илтимосномалар кўрсатилади.
  3. Даъвогар ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни битта даъво аризасига бирлаштиришга ҳақли.

 

13-модда. Даъво аризасига илова қилинадиган ҳужжатлар

 

  1. Даъво аризасига қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:

ҳакамлик битими ёки Ҳакамлик судига низони ҳал қилиш учун тақдим этилиши ҳақидаги ҳакамлик шарти мавжуд бўлган шартнома тузилганлигини;

белгиланган тартибда ва миқдорда ҳакамлик йиғими тўланганлигини;

даъво аризасининг кўчирма нусхаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар жавобгарга ва учинчи шахсларга юборилганлигини, агар ҳакамлик битимида бу назарда тутилган бўлса,;

жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилганлигини, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

даъво талабларига асос бўлган ҳолатларни;

даъво аризасини имзолаш ваколатини, агар у вакил томонидан имзоланган бўлса.

Шартнома тузишга мажбур этиш тўғрисидаги даъво аризасига шартнома лойиҳаси ҳам илова қилинади.

  1. Агар ҳакамлик битимида ҳакамлик судьяларининг шахсий таркиби келишилмаган бўлса, даъво аризасига даъвогар томонидан сайланган ҳакамлик судьяси ҳақида хабарнома (Ҳакамлик суди ва жавобгар манзилига юбориш кўрсатилган) илова қилиниши керак.
  2. Даъво аризаси даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланган бўлиши керак. Агар даъво аризаси даъвогарнинг вакили томонидан имзоланган бўлса, даъво аризасига ишончнома ёки вакилнинг даъво аризасини имзолаш учун ваколатлари борлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши лозим.

14-модда. Даъво аризасини қабул қилиш ва ишни қўзғатиш

 

  1. Ҳакамлик судига даъво аризаси келиб тушгандан кейин Ҳакамлик судининг масъул котиби топширилган низони кўриб чиқишга Ҳакамлик судининг ваколати бор-йўқлигини ва ушбу Регламентнинг 12-моддасида кўрсатилган даъво аризасига қўйиладиган талабларга риоя қилинганлиги ва ҳакамлик йиғими ҳисоби ва тўлови тўғрилигини текширади.
  2. Мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилган текшириш натижалари ҳақида Ҳакамлик судининг масъул котиби Ҳакамлик судининг Раисига хабар қилади.
  3. Ҳакамлик судида даъво аризасини қабул қилиш масаласи Ҳакамлик судининг раиси ёки унинг ўринбосари томонидан ҳал қилинади. Даъво аризасининг қабул қилинганлиги ҳақида Ҳакамлик судининг раиси ёки унинг ўринбосари томонидан иш қўзғатилиши ҳақидаги ажрим чиқарилади.
  4. Иш қўзғатилиши ҳақидаги ажримнинг нусхалари ҳакамлик битими тарафларига ушбу Регламент ва Ҳакамлик судида ҳакамлик йиғими, харажатлари ва тарафларнинг чиқимлари тўғрисидаги Низом жойлаштирилган Ҳакамлик судининг веб-сайти кўрсатилган ҳолда юборилади. Жавобгарга ажрим нусхаси билан ҳакамлик судьяларнинг рўйхати, агар даъвогар томонидан олдин юборилмаган бўлса, даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхалари юборилади.

 

15-модда. Даъвони ҳаракатсиз қолдириш

  1. Ҳакамлик судининг масъул котиби даъво аризаси ушбу Регламентнинг 12-моддасида кўрсатилган талаблар бузилиши билан тақдим этилганлиги, ҳакамлик йиғими ҳисоби ва тўлови тўғри эмаслигини аниқласа, даъвогарга аниқлаган камчиликларни бартараф этишни таклиф қилади ва уларни бартараф қилиш муддатини белгилайди, бу муддат юқорида кўрсатилган таклифни олгандан кейин етти кундан ошмаслиги керак. Юқорида кўрсатилган камчиликлар бартараф этилишига қадар даъво ҳаракатсиз қолдирилади.
  2. Агар даъвогар белгиланган муддатда аниқланган камчиликларни бартараф этса, даъво аризаси тақдим этилган сана Ҳакамлик судига биринчи марта у тақдим этилган кун ҳисобланади. Акс ҳолда даъво аризаси Ҳакамлик судининг раиси ёки унинг ўринбосари ажрими билан даъвогарга қайтарилади.

 

16-модда. Даъво аризаси юзасидан ёзма фикр ва жавобгар томонидан ҳакамлик судьясини сайлаш

 

  1. Ушбу Регламентнинг 14-моддаси тўртинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар нусхаларини олгандан кейин ўн беш кунли муддат ичида жавобгар Ҳакамлик судига даъвогар томонидан ҳакамлик судьяси номзодини таклиф қилган хабарномага жавоб бериши ва унда қуйидагиларни кўрсатиши лозим:

низо ҳакамлик судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилаётганда даъвогар таклиф қилган ҳакамлик судьясининг номзодига розилиги ёки норозилиги (агарда жавобгар норози бўлса, жавобгар томонидан таклиф қилинаётган ҳакамлик судьясининг исми ва шарифи кўрсатилади);

низо Ҳакамлик судининг ҳайъат таркибида кўриб чиқилаётганда жавобгар томонидан таклиф қилинаётган ҳакамлик судьясининг исми ва шарифи.

  1. Жавобгар даъво аризаси юзасидан ёзма фикрини ўз эътирозларини баён этган ҳолда даъвогарга ва Ҳакамлик судига тақдим этишга ҳақли. Даъво аризаси юзасидан ёзма фикр Ҳакамлик судининг биринчи йиғилишигача даъвогарга ва Ҳакамлик судига тақдим этилади. Даъво аризаси юзасидан ёзма фикр жавобгар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Жавобгарнинг вакили томонидан имзоланган ёзма фикрга ишончнома ёки вакилнинг ёзма фикрни имзолаш учун ваколатлари борлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилинади.
  2. Ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ҳакамлик муҳокамаси жараёнида даъво талаблари ёки даъвога қарши эътирозларини ўзгартиришга ҳақли.

 

17-модда. Қарши даъво

 

  1. Агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, Ҳакамлик суди низо бўйича ҳал қилув қарори қабул қилгунига қадар жавобгар дастлабки даъво билан бирга кўриб чиқиш учун даъвогарга қарши даъво тақдим этишга ҳақли.
  2. Қарши даъво ва унга эътирозларни тақдим этиш ушбу Реглментнинг 12 ва 16-моддаларида назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади.
  3. Қарши даъво қуйидаги ҳолларда дастлабки даъво билан бирга кўриб чиқилиши мумкин:

қарши даъво дастлабки даъвони ҳисобга олишга қаратилган бўлса;

қарши даъвонинг қаноатлантирилиши дастлабки даъвони қаноатлантиришни тўлиқ ёки қисман мумкин бўлмайдиган қилиб қўйса;

қарши даъво билан дастлабки даъво ўртасида ўзаро боғлиқлик бўлиб, уларни биргаликда кўриб чиқиш низони тезроқ ва тўғрироқ ҳал қилишга олиб келса.

4-БОБ. ҲАКАМЛИК МУҲОКАМАСИ

 

18-модда. Ҳакамлик битими

  1. Тарафлар ўртасида тузилган ҳакамлик битими мавжуд бўлган тақдирда, низо Ҳакамлик судининг ҳал қилувига топширилиши мумкин.
  2. Ҳакамлик битими тарафларнинг низони Ҳакамлик судига ҳал қилиш учун топшириш ҳақидаги келишувидир.
  3. Ҳакамлик битими тарафлари ҳакамлик битими тузган юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар, чет эл фуқаролари ва ташкилотлари бўлиши мумкин.
  4. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳакамлик битими тарафлари бўлиши мумкин эмас.
  5. Ҳакамлик битимида ҳакамлик битими тарафлари ўртасида келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган барча ёхуд айрим низолар Ҳакамлик судида кўриб чиқилиши кераклиги ҳақидаги қоида, шунингдек Ҳакамлик судининг номи кўрсатилиши лозим.
  6. Ҳакамлик битими ёзма шаклда тузилади. Ҳакамлик битими шартноманинг таркибий қисми бўлган шартнома шарти ёки алоҳида битим тарзида расмийлаштирилиши мумкин.
  7. Ҳакамлик битими, агар у ҳакамлик битими тарафлари томонидан имзоланган ҳужжатда ифодаланган бўлса ёки бундай битимни қайд этишни таъминловчи электрон ёхуд бошқа алоқа воситаларидан фойдаланилган ҳолда хатлар ёки хабарлар алмашиш йўли билан тузилган бўлса, ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.
  8. Мазкур модданинг олтинчи ва еттинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя этилмаган тақдирда, ҳакамлик битими ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
  9. Низони ҳал қилиш учун Ҳакамлик судига топшириш ҳақидаги битим даъвогар томонидан даъво тақдим қилиш билан ҳам амалга оширилиши мумкин, жавобгар тарафидан эса Ҳакамлик суди юрисдикциясига бўйсуниш ҳақидаги сўровга ижобий жавоб бериш билан, бу муайян низони мазкур модданинг олтинчи қисмига мувофиқ ҳал қилиш учун ҳакамлик битими тузишни назарда тутади.
  10. Ҳакамлик битимини тузган тарафлар, битимдан бир томонлама бош тортишга ҳақли эмаслар.
  11. Ваколатли суднинг ҳал қилувида бўлган низога оид ҳакамлик битими ваколатли суд низо юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилгунига қадар тузилиши мумкин.

 

19-модда. Ҳакамлик судининг ваколати

 

  1. Ҳакамлик суди ўз ҳал қилувига топширилган низони, шу жумладан ҳакамлик битими йўқлиги ёки ҳақиқий эмаслиги сабабли ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан бири ҳакамлик муҳокамасига қарши эътироз билдирган ҳолларда низони кўриб чиқишга ваколати борлиги ёхуд йўқлиги ҳақидаги масалани мустақил равишда ҳал этади. Шу мақсадда шартнома шарти тарзида расмийлаштирилган ҳакамлик битими шартноманинг бошқа шартларига боғлиқ бўлмаган битим сифатида кўриб чиқилиши керак. Ҳакамлик судининг шартни қамраб олган шартноманинг ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги хулосаси ушбу шартнинг қонунга биноан ҳақиқий эмас деб топилишига олиб келмайди.
  2. Низони мазмунан кўриб чиқиш бўйича ҳакамлик муҳокамаси бошлангунга қадар ҳакамлик муҳокамаси тарафи Ҳакамлик судининг ҳал қилувига топширилган низони кўриб чиқишга ваколати йўқлиги ҳақида арз қилишга ҳақли.
  3. Агар кўриб чиқилиши ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёхуд қонунга ёки Ҳакамлик судининг қоидаларига мувофиқ ҳакамлик муҳокамаси предмети бўла олмайдиган масала ҳакамлик муҳокамаси давомида ҳакамлик муҳокамаси предметига айланса, ҳакамлик муҳокамаси тарафи Ҳакамлик суди ўз ваколатидан четга чиққанлиги ҳақида арз қилишга ҳақли.
  4. Ҳакамлик суди ҳакамлик муҳокамаси тарафининг мазкур модданинг иккинчи ва учинчи қисмларига мувофиқ берилган аризасини кўриб чиқиши шарт. Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
  5. Агар Ҳакамлик суди ўз ваколати ҳақидаги масалани кўриб чиқаётганда низони кўриб чиқишга Ҳакамлик судида ваколат йўқлиги тўғрисида ажрим чиқарса, Ҳакамлик суди низони мазмунан кўриб чиқиши мумкин эмас.
  6. Ҳакамлик суди маъмурий, оила ва меҳнат ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа низоларни ҳал этмайди.
  7. Ҳакамлик судининг муайян ишни кўриб чиқишга ваколати мавжудлиги ҳақидаги масала низо кўриб чиқаётган Ҳакамлик суди таркиби томонидан узил-кесил ҳал қилинади.

 

20-модда. Ҳакамлик муҳокамаси қоидаларини белгилаш

 

  1. Ҳакамлик суди ҳакамлик муҳокамасини ушбу Регламентга мувофиқ амалга оширади, агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ҳакамлик муҳокамасининг бошқа қоидалари қўлланилиши тўғрисида шартлашмаган бўлсалар.
  2. Ҳакамлик муҳокамаси тарафлари томонидан келишилган ҳакамлик муҳокамаси қоидалари Қонунга мувофиқ бўлиши керак. Ҳакамлик муҳокамаси тарафлари томонидан келишилган ҳакамлик муҳокамаси қоидалари Қонунга зид бўлган ҳолда, Ҳакамлик суди ушбу Регламентда кўрсатилган ҳакамлик муҳокамаси қоидаларини тегишли қисмини қўллайди.
  3. Ҳакамлик муҳокамасининг ҳакамлик муҳокамаси тарафлари томонидан келишилмаган, ушбу Регламент ва Қонун билан белгиланмаган қисмида ҳакамлик муҳокамаси қоидалари низони кўриб чиқаётган Ҳакамлик суди таркиби томонидан белгиланади.

 

21-модда. Ҳакамлик муҳокамаси ўтказиладиган жой

  1. Ҳакамлик муҳокамаси ўтказиладиган жой Ҳакамлик судининг биноси ҳисобланади.
  2. Ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг хоҳишига кўра Ҳакамлик суди такибининг мажлиси Ўзбекистон Республикаси ва чет давлатлар ҳудудининг бошқа жойида ўтказиши мумкин. Бундай ҳолда, ҳакамлик муҳокамасининг Ҳакамлик суди биносидан ташқарида ўтказилиши муносабати билан юзага келган барча қўшимча харажатлар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари зиммасига юкланади.

 

22-модда. Ҳакамлик муҳокамасининг тили

  1. Агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, ҳакамлик муҳокамаси давлат тилида олиб борилади.
  2. Ҳакамлик суди ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан ҳужжатлар ва бошқа материаллар ҳакамлик муҳокамаси тилига таржима қилинишини талаб этиши мумкин.
  3. Ҳакамлик муҳокамаси тилида бўлмаган ҳужжатлар ва бошқа материалларни тақдим қилаётган ҳакамлик муҳокамаси тарафи уларнинг таржима қилинишини таъминлаши керак.
  4. Агар ҳакамлик муҳокамасининг тарафи иш кўриб чиқилаётган тилни билмаса, Ҳакамлик суди ишни оғзаки эшитиш вақтида ҳакамлик муҳомасининг тарафи ҳисобига ва илтимосига биноан уни таржимон хизмати билан таъминлаши мумкин.

 

23-модда. Низони Ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар

 

  1. Низони Ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

ҳакамлик судьялари ва Ҳакамлик суди ходимларининг гонорари;

ҳакамлик муҳокамасини ташкилий, моддий жиҳатдан ва бошқача тарзда таъминлаш харажатлари;

ҳакамлик судьялари ва масъул котибнинг ҳакамлик муҳокамасида иштирок этиши билан боғлиқ харажатлари, шу жумладан, низони кўриб чиқиш жойига бориб келиш учун тўланадиган йўл ҳақи харажатлари;

ҳакамлик судьялари ва масъул котибнинг ёзма ва ашёвий далилларни мазкур далиллар турган жойда кўздан кечириш ҳамда текшириш билан боғлиқ харажатлари;

экспертлар ва таржимонларга тўланиши лозим бўлган суммалар;

гувоҳлар томонидан сарфланган харажатлар;

ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори тарафлардан қайси бирининг фойдасига чиқарилган бўлса, ўша тараф вакилининг хизматлари ҳақини тўлаш харажатлари;

Ҳакамлик суди томонидан белгиланадиган бошқа харажатлар.

  1. Мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилган харажатларни белгилаш, тўлаш ва тақсимлаш Палата Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланадиган Ҳакамлик судида ҳакамлик йиғими, харажатлари ва тарафларнинг чиқимлари тўғрисидаги Низомга мувофиқ амалга оширилади.

 

24-модда. Ҳакамлик судининг таркибини шакллантириш

  1. Ҳакамлик судининг таркибини шакллантириш ҳакамлик судьяларини (ҳакамлик судьясини) сайлаш (тайинлаш) орқали амалга оширилади.
  2. Ҳакамлик битими тарафлари мазкур модданинг қоидаларига риоя этган ҳолда ҳакамлик судьяларининг сонини ўз хоҳишларига кўра белгилашлари, Ҳакамлик суди таркибини шакллантириш тартибини келишиб олишлари мумкин. Агар ҳакамлик битими тарафлари ҳакамлик судьяларининг сонини белгиламаса, Ҳакамлик судининг таркиби уч нафар ҳакамлик судьясидан шакллантирилади.
  3. Ушбу Регламент 12-моддасининг биринчи қисми ўн биринчи хатбошиси, 13-моддасининг иккинчи қисми, 16-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ Ҳакамлик суди тарафлар томонидан сайланган ҳакамлик судьяларининг номзоди ҳақидаги маълумотни олгандан кейин, Ҳакамлик судининг масъул котиби тарафлар томонидан сайланган ҳакамлик судьяларига улар томонидан низони ҳал қилиш учун розилигини олиш мақсадида дарҳол хабар беради.
  4. Ҳакамлик муҳокамаси тарафлари томонидан сайланган ҳакамлик судьялари ҳакамлик судьяси мажбуриятларини амалга ошириш учун ўз розилигини ёзма шаклдаги ҳужжатни имзолаш орқали беради ва мазкур ҳужжатда ҳакамлик судьяси унинг мустақил ва холис бўлишига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ва уни рад қилиниши учун асос бўлувчи барча ҳолатлар ҳақида маълумот беради.
  5. Ҳакамлик судида ҳакамлик судьялари Палата Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланган ҳакамлик судьялари рўйхатига киритилган судьялар орасидан сайланади (тайинланади).
  6. Ҳакамлик муҳокамаси Ҳакамлик судининг ҳайъат таркиби томонидан ўтказилаётганда ҳакамлик битимининг ҳар бир тарафи ҳакамлик судьяларини тенг миқдорда сайлайди ва шундай тарзда сайланган ҳакамлик судьялари бошқа ҳакамлик судьясини – раислик қилувчини тайинлайди.
  7. Агар ҳакамлик битими тарафи ҳакамлик битими бошқа тарафининг ҳакамлик судьясини (ҳакамлик судьяларини) сайлаш ҳақидаги илтимосини олган пайтдан эътиборан ўн беш кун ичида ҳакамлик судьясини (ҳакамлик судьяларини) сайламаса ёки ҳакамлик битимининг тарафлари ҳакамлик судьясини танлаш тўғрисида келиша олмасалар (низо ҳакамлик судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилаётганда) ёхуд агар ҳакамлик судьялари раислик қилувчи ҳакамлик судьясини тайинлаш тўғрисида ўзлари сайланган пайтдан эътиборан ўн беш кун ичида келиша олмасалар, уларни тайинлаш Ҳакамлик судининг раиси томонидан ҳакамлик битими тарафларидан бирининг илтимосига биноан ўн кун муддатда амалга оширилади.
  8. Ҳакамлик суди раиси даъво суммаси 250 миллион сўмдан ошмайдиган низоларни ҳакамлик судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилиши тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.

Бунда, низони якка тартибда кўриб чиқувчи судья Ҳакамлик суди раиси томонидан тайинланади.

  1. Ҳакамлик суди раиси низони кўриб чиқиш учун шакллантирилган Ҳакамлик суди таркиби ҳақида ажрим чиқаради ва унда иш ҳакамлик муҳокамасига тайинланади ҳамда ҳакамлик муҳокамасининг вақти ва жойи белгиланади.

 

25-модда. Ҳакамлик судьясини рад қилиш

  1. Ҳакамлик судьяси томонидан низони кўриб чиқиш учун ушбу Регламент 20-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган розилигини олгандан кейин ушбу Регламентнинг 6-моддасида назарда тутилган талабларга риоя этилмаган ҳолларда, ҳар бир тараф низони якка тартибда кўриб чиқаётган ҳакамлик судьяси, раислик қилувчи ҳакамлик судьяси, ҳакамлик судьясини рад қилиш ҳақида арз қилишлари мумкин. Ҳакамлик муҳокамаси тарафи сайланган (тайинланган) ёки сайланишида иштирок этган ҳакамлик судьясининг рад қилиниши учун асос бўлувчи ҳолатлар рад қилинаётган ҳакамлик судьяси сайланганидан (тайинланганидан) кейин ўзига маълум бўлиб қолган тақдирдагина уни рад қилиш ҳақида арз қилишлари мумкин.
  2. Ҳакамлик судьясини рад қилиш ҳақидаги ёзма асослантирилган ариза ҳакамлик муҳокамасининг тарафи томонидан Ҳакамлик суди таркибининг биринчи йиғилишигача тақдим этилиши керак. Ҳакамлик судьясини рад қилиш ҳақидаги ариза Ҳакамлик судининг биринчи йиғилишидан кейин тақдим этилган ҳолда фақат Ҳакамлик суд таркиби томонидан аризанинг кечиктирилиш сабаблари узрли деб топилса, у кўриб чиқилиши мумкин.
  3. Агар ҳакамлик судьясининг рад қилиниши учун асос бўлувчи ҳолатлар ҳакамлик муҳокамаси вақтида юзага келган бўлса, ҳакамлик судьяси бу ҳақда дарҳол ҳакамлик муҳокамаси тарафларига маълум қилиши ва ўзини ўзи рад қилиш ҳақида ариза бериши керак.
  4. Рад қилиниши талаб этилаётган ҳакамлик судьяси рад қилиш ҳақидаги масала кўриб чиқилгунига қадар ўз тушунтиришларини беришга ҳақли.
  5. Агар рад қилиниши талаб этилаётган ҳакамлик судьяси ўзини ўзи рад қилмаса ёки ҳакамлик муҳокамасининг бошқа тарафи ҳакамлик судьясини рад қилишга рози бўлмаса, ҳакамлик судьясини рад қилиш ҳақидаги масала Ҳакамлик суди таркибига кирувчи бошқа ҳакамлик судьялари томонидан ҳал этилади. Рад қилишни ёқлаб ва унга қарши берилган овозлар сони тенг бўлиб қолса, ҳакамлик судьяси рад қилинган ҳисобланади. Ҳакамлик судининг бутун таркибини рад қилиш ҳақидаги масалалар шу Ҳакамлик суди таркиби томонидан оддий кўпчилик овоз билан, низони якка тартибда кўрадиган ҳакамлик судьясини рад қилиш тўғрисидаги масалалар эса шу ҳакамлик судьясининг ўзи томонидан ҳал этилади.
  6. Рад қилиш масаласини кўриш натижалари бўйича низони кўриб чиқаётган Ҳакамлик суди таркиби томонидан ажрим чиқарилади.
  7. Ҳакамлик судьясини рад қилиш ҳақидаги ариза шу аризачи томонидан ва бундан олдин кўрсатилган асослар бўйича қайта тақдим этилиши мумкин эмас.
  8. Алоҳида ҳолларда (ҳакамлик судьяси ўзини нопрофессионал тутганда, ҳакамлик судьяси томонидан Ҳакамлик суди Регламенти ва Низомига зид ҳатти-ҳаракатлар амалга оширилганда ҳамда бошқа ҳолатларда) Ҳакамлик суди раиси ўз ташаббуси билан ҳакамлик судьясини рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.

 

26-модда. Ҳакамлик судьясининг ваколатларини тугатиш

 

  1. Ҳакамлик судьясининг ваколатлари ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг келишувига биноан, ҳакамлик судьясининг ўзини ўзи рад қилиши ёки рад қилиниши муносабати билан, шунингдек ҳакамлик судьяси вафот этган тақдирда тугатилиши мумкин.
  2. Ҳакамлик судьясининг ваколатлари муайян низо бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин тугатилади.

Қуйидаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилган ҳолларда:

қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилинганда;

ҳал қилув қарорига тушунтириш берилганда;

ёзувдаги хатоларни ва арифметик хатолар тузатилганда ҳакамлик судьясининг ваколатлари тикланади ва назарда тутилган ҳаракатлар амалга оширилганидан сўнг тугатилади.

  1. Ҳакамлик судьясининг ваколатлари тугатилган тақдирда, бошқа ҳакамлик судьяси алмаштирилаётган ҳакамлик судьяси сайланаётганда (тайинланаётганда) қўлланилган қоидаларга мувофиқ сайланади (тайинланади).

 

27-модда. Даъвони таъминлаш чораларини кўриш

  1. Агар даъвони таъминлаш чораларини кўрмаслик Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ижросини қийинлаштириши ёки уни бажариб бўлмайдиган қилиб қўйиши мумкин бўлса, даъвони таъминлашга йўл қўйилади.
  2. Ҳакамлик судида кўриб чиқилаётган даъвони таъминлаш ҳақидаги ариза ҳакамлик муҳокамаси тарафи томонидан Ҳакамлик суди жойлашган ердаги ёхуд жавобгар жойлашган ердаги ёки яшайдиган жойдаги ёинки жавобгарнинг мол-мулки турган жойдаги ваколатли судга берилади.
  3. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризага даъвонинг Ҳакамлик судига тақдим этилганлигини исботловчи далиллар илова қилинади.
  4. Ҳакамлик судида кўриб чиқилаётган даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризани ваколатли суд томонидан кўриб чиқиш ҳамда даъвони таъминлаш ёхуд уни таъминлашни рад этиш ҳақида ажрим чиқариш Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида ёки Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.
  5. Ҳакамлик судининг даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ҳал қилув қарори даъвони таъминлаш чоралари ваколатли суд томонидан бекор қилиниши учун асос бўлади.

28-модда. Ишни ҳакамлик муҳокамасига тайёрлаш

  1. Ҳакамлик судининг масъул котиби Ҳакамлик судининг таркиби шакллантирилгандан сўнг Ҳакамлик суди таркибига даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхалари, шунингдек ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларнинг нусхаларини топширади.
  2. Ҳакамлик суди таркибига раислик қилувчи ёки якка тартибдаги ҳакамлик судьяси ишни муҳокамага тайёрлаш ҳолатини кузатиб туради ва агар зарур деб топса, ишни тайёрлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш ҳақида ажрим чиқаради ҳамда унда тарафлардан ёзма тушунтириш, далил ҳамда бошқа ҳужжат ва материалларни талаб қилиши, ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг истимосномасига кўра экспертиза тайинлаши мумкин. Ажримнинг нусхаси ҳакамлик муҳокамаси тарафларига юборилади.

29-модда. Ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг Ҳакамлик суди мажлисида иштирок этиши

 

  1. Ҳакамлик муҳокамасининг ҳар бир тарафига ўз нуқтаи назарини баён этиши ҳамда ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши учун тенг имкониятлар берилиши керак.
  2. Ҳакамлик муҳокамаси, агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ёки уларнинг вакиллари иштирокида амалга оширилади.
  3. Ҳакамлик суди тарафларнинг низони оғзаки кўриб чиқмаслиги ҳақидаги келишуви бўлган тақдирда ҳам ишни оғзаки муҳокамасини тайинлаши мумкин, агар тақдим этилган ёзма материаллар низони ҳал қилиш учун етарли бўлмаса.
  4. Ҳакамлик муҳокамаси тарафларига Ҳакамлик суди мажлисининг вақти ва жойи ҳақидаги ажрим олдиндан юборилиши ёки топширилиши керак.
  5. Агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, Ҳакамлик суди низони ёпиқ мажлисда кўриб чиқади.
  6. Ҳакамлик судида тарафлар ўз ишларини бевосита ёки лозим даражада ваколат берилган вакили орқали олиб бориши мумкин. Ҳакамлик муҳокамаси тарафи ишни унинг иштирокисиз кўриш ҳақида илтимоснома киритиши мумкин.
  7. Ҳакамлик судининг мажлисида тақдим этилган ёзма ва бошқа далиллар текширилади, шунингдек Ҳакамлик судининг мажлисида иштирок этаётган шахслар тингланади.
  8. Ҳакамлик суди ҳакамлик муҳокамаси тарафи илтимосига кўра, зарур деб топса, Ҳакамлик суди мажлисига гувоҳларни чақириш ва экспертиза тайинлаш ҳақида ажрим чиқариши мумкин.
  9. Ҳакамлик муҳокамасининг ҳар қандай босқичида Ҳакамлик судининг таркиби тарафларга қўшимча далилларни тақдим этишни таклиф қилиши мумкин.
  10. Зарур ҳолларда ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг аризасига ёки Ҳакамлик судининг ташаббусига кўра ишни кўриш тегишли ажрим чиқарилган ҳолда қолдирилиши ёки тўхтатилиши мумкин.

 

30-модда. Ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг ҳужжатлар ва бошқа материалларни тақдим этмаганлиги ёки ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг келмаганлиги оқибатлари

  1. Ҳужжатлар ва бошқа материалларни тақдим этмаганлик ёки Ҳакамлик суди мажлисининг вақти ҳамда жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ёхуд улар вакилларининг Ҳакамлик суди мажлисига келмаганлиги, агар ҳужжатлар ва бошқа материаллар тақдим этилмаганлигининг ёки ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ёхуд улар вакилларининг Ҳакамлик суди мажлисига келмаганлиги сабаби Ҳакамлик суди томонидан узрсиз деб топилса, ҳакамлик муҳокамасига ва Ҳакамлик суди томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинишига монелик қилмайди.
  2. Жавобгарнинг даъвога қарши эътирозлар тақдим этмаганлиги даъвогар талабларининг тан олиниши сифатида қаралмаслиги керак.
  3. Ҳакамлик суди низони имкон қадар қисқа муддатларда кўриш чораларини кўради.

31-модда. Далиллар

  1. Ҳакамлик муҳокамасининг ҳар бир тарафи ўз даъво талаблари ва даъвога қарши эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Ҳакамлик суди, агар у тақдим этилган далилларни етарли эмас деб топса, ҳакамлик муҳокамаси тарафларига қўшимча далиллар тақдим этишни таклиф қилишга ҳақли.
  2. Ҳакамлик суди ишда мавжуд бўлган далилларни ҳар томонлама, тўлиқ, холис ва бевосита ўрганиш асосида ўзининг ички ишончи бўйича баҳолайди.
  3. Далилларни текшириш Ҳакамлик суди таркиби томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

32-модда. Экспертизани тайинлаш ва ўтказиш

  1. Агар тарафлар бошқача шартлашмаган бўлсалар, Ҳакамлик суди ишни кўриш вақтида юзага келадиган, фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларни талаб қиладиган масалаларни тушунтириб бериш учун ҳакамлик муҳокамаси тарафлари илтимосномасига кўра ёки уларнинг розилиги билан экспертиза тайинлаши мумкин.
  2. Агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, Ҳакамлик суди бир ёки бир нечта экспертларни тайинлаши мумкин.
  3. Эксперт қўшимча материалларни тақдим қилиш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилишга ҳақли.
  4. Эксперт хулосаси ёзма шаклда тақдим қилинади.
  5. Агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан бири илтимос қилса ёки Ҳакамлик суди буни лозим деб топса, эксперт ўзининг ёзма хулосасини тақдим этганидан сўнг Ҳакамлик суди мажлисида иштирок этиши лозим, бунда ҳакамлик муҳокамаси тарафларига ва Ҳакамлик судига экспертизани ўтказиш ва эксперт хулосаси тайёрлаш билан боғлиқ бўлган саволлар билан экспертга мурожаат қилиш имконияти берилади.
  6. Ҳакамлик суди экспертиза тайинлаш тўғрисида ёки экспертиза тайинлаш ҳақидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.

33-модда. Ҳакамлик суди мажлисининг баённомаси

  1. Ҳакамлик суди мажлисида, агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, баённома юритилади.
  2. Баённомада Ҳакамлик судининг номи, ишнинг рақами, суд мажлиси жойи, ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг номи, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ва уларнинг вакиллари иштироки тўғрисида маълумот, ҳакамлик

судьялари, экспертлар, гувоҳлар, таржимонлар ва Ҳакамлик суди мажлиси бошқа иштирокчиларининг исми ва фамилияси, Ҳакамлик суди мажлиси ўтказилишининг қисқача тавсифи, тарафларнинг талаблари ва тарафларнинг бошқа муҳим мулоҳазалари, мажлисни кейинга қолдириш ёки ишни тугатишнинг асослари, Ҳакамлик судьялари, мажлис котибининг имзолари кўрсатилиши керак.

  1. Баённома Ҳакамлик суди котибиятининг ходими ёки Ҳакамлик судининг раиси ёки унинг ўринбосари томонидан жалб қилинган бошқа шахс томонидан юритилади.
  2. Ҳакамлик муҳокамаси тарафлари баённома билан танишиш ҳуқуқига эга.

 

34-модда. Низони келишув битимига эришиш йўли билан ҳал қилиш

  1. Ҳакамлик муҳокамасининг ҳар қандай босқичида ҳакамлик судьялари ўзларида мавжуд бўлган имкониятлардан низони ҳакамлик муҳокамаси тарафлари келишув битими тузиш йўли билан ҳал қилишда фойдаланишлари керак.
  2. Келишув битими ҳакамлик муҳокамасининг ҳар қандай босқичида Ҳакамлик суди ҳал қилув қарори қабул қилингунча тузилиши мумкин.
  3. Агар келишув битими қонун ҳужжатларига зид, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳамда у шарт асосида тузилган бўлмаса, ҳакамлик суди ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг илтимосномасига биноан Ҳакамлик суди келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.
  4. Келишув битимининг мазмуни Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида баён қилинади.

 

35-модда. Ҳакамлик муҳокамасида медиациянинг қўлланилиши

 

  1. Ҳакамлик муҳокамасида медиация низони кўриб чиқиш жараёнида Ҳакамлик судининг қарори қабул қилингунига қадар қўлланилиши мумкин.
  2. Ҳакамлик муҳокамасининг тарафлари томонидан медиация тартиб-таомилларини амалга ошириш ҳақида келишув тузилган тақдирда, ҳакамлик суди медиация тартиб-таомили тугагунига қадар ҳакамлик муҳокамасини қолдириш тўғрисида ажрим чиқаради.
  3. Агар тарафлар медиатив келишувни тузса, Ҳакамлик суди ҳакамлик муҳокамасини тугатади.

36-модда. Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш

 

  1. Ҳакамлик суди қуйидаги ҳолларда даъво аризасини кўрмасдан қолдиради, агар:

фуқаролик ишлари бўйича суд, иқтисодий суд, бошқа ҳакамлик суди иш юритувида айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса;

даъво аризаси имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

даъвогар низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилган бўлса;

даъвогар низони жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиш тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

медиация тартиб-таомилини амалга ошириш ҳақида илтимоснома билан арз қилган ҳакамлик муҳокамаси тарафлари уни амалга ошириш муддати тугаганидан сўнг Ҳакамлик суди мажлисига узрли сабабларсиз келмаса;

ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса;

даъвогар Ҳакамлик судининг биринчи мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса;

жавобгарга нисбатан банкротлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса ва жавобгарга нисбатан тақдим этилган талаб қонунга кўра банкротлик тўғрисидаги иш доирасида кўрилиши лозим бўлса.

  1. Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш тўғрисида Ҳакамлик суди ажрим чиқаради. Ҳакамлик суди ажримида ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида Ҳакамлик суди харажатларини тақсимлаш, ҳакамлик йиғимини қисман қайтариш тўғрисидаги масалалар ҳал қилиниши мумкин.
  2. Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин даъвогар Ҳакамлик судига даъво аризаси билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.

 

37-модда. Ҳакамлик муҳокамасини тугатиш

 

  1. Ҳакамлик суди қуйидаги ҳолларда ҳакамлик муҳокамасини тугатади, агар:

Ҳакамлик суди ўз ҳал қилувига топширилган низони кўриб чиқиш юзасидан Ҳакамлик суди ваколатга эга эмаслиги тўғрисида ажрим чиқарса;

даъвогар ўзининг даъво талабидан воз кечса ва жавобгар ҳакамлик муҳокамасини тугатишга эътирози бўлмаса;

ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ҳакамлик муҳокамасини тугатиш тўғрисида келишувга эришса;

ҳакамлик муҳокамаси тарафлари келишув битими тузсалар ва у Ҳакамлик суди томонидан тасдиқланган бўлса;

ҳакамлик муҳокамаси тарафи бўлган юридик шахс қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилган бўлса;

ҳакамлик муҳокамаси тарафи бўлган жисмоний шахс вафот этган бўлса ёки вафот этган деб эълон қилинган бўлса ёхуд бедарак йўқолган деб топилган бўлса ва ҳуқуқий ворисдан ҳакамлик муҳокамасини давом эттириш тўғрисида ариза тушмаса;

фуқаролик ишлари бўйича суд, иқтисодий суд, ҳакамлик суди ёки чет давлат ваколатли судининг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса, бундан иқтисодий суд томонидан чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш рад этилган ҳоллар мустасно.

  1. Ҳакамлик муҳокамасини тугатиш тўғрисида Ҳакамлик суди ажрим чиқаради, келишув битимини тасдиқлаш ҳоллари бундан мустасно. Ҳакамлик суди ажримида ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида Ҳакамлик суди харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги, ҳакамлик йиғимини қисман қайтариш ҳақидаги масалалар ҳал қилиниши мумкин.
  2. Мазкур модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган асос бўйича тугатилган ҳакамлик муҳокамасига доир низо тугатилган ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан бири томонидан ваколатли судга топширилиши мумкин.
  3. Иш юритиш тугатилган тақдирда айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан Ҳакамлик судига такроран мурожаат қилишга йўл қўйилмайди.

 

5-БОБ. ҲАКАМЛИК СУДИНИНГ ҲУЖЖАТЛАРИ

38-модда. Ҳакамлик суди томонидан ҳал қилув қарорининг қабул қилиниши

 

  1. Ҳакамлик суди низо ҳолатлари текширилганидан сўнг Ҳакамлик суди таркибига кирувчи ҳакамлик судьяларининг кўпчилик овози билан ёки якка тартибдаги ҳакамлик судьяси ҳал қилув қарори қабул қилади.
  2. Ҳал қилув қарори Ҳакамлик судининг мажлисида эълон қилинади. Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг фақат хулоса қисмини эълон қилишга ҳақли. Бундай ҳолда асослантирилган ҳал қилув қарори унинг хулоса қисми эълон қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ҳакамлик муҳокамаси тарафларига юборилиши керак.
  3. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган пайтдан эътиборан кучга киради.
  4. Ҳакамлик суди, агар зарур деб топса, ҳал қилув қарори қабул қилишни кечиктиришга ҳамда ҳакамлик муҳокамасини қайтадан бошлашга ҳақли бўлиб, ҳакамлик муҳокамаси тарафларига бу ҳақда хабар берилади.

39-модда. Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг шакли ва мазмуни

 

  1. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ёзма шаклда баён этилади ва Ҳакамлик суди таркибига кирувчи ҳакамлик судьялари томонидан, шу жумладан алоҳида фикрга эга бўлган ҳакамлик судьяси томонидан имзоланади. Ҳакамлик судьясининг алоҳида фикри Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорига илова қилинади.
  2. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

Ҳакамлик судининг номи;

ҳал қилув қарори қабул қилинган сана;

ҳакамлик муҳокамаси ўтказилган жой;

иш рақами;

Ҳакамлик судининг таркиби;

ҳакамлик муҳокамасининг тарафлари бўлган юридик шахсларнинг номи ва жойлашган ери (почта манзили), жисмоний шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари вакилларининг ваколатлари кўрсатилган ҳолда фамилияси, исми, отасининг исми;

Ҳакамлик суди ваколатларининг асослари;

даъвогарнинг талаблари ва жавобгарнинг эътирозлари, шунингдек уларнинг илтимосномалари;

Ҳакамлик суди томонидан аниқланган низо ҳолатлари, Ҳакамлик судининг ушбу ҳолатлар тўғрисидаги хулосаларига асос бўлган далиллар, ҳал қилув қарорини қабул қилишда Ҳакамлик суди амал қилган нормалар.

  1. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида арз қилинган ҳар бир даъво талабини қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида Ҳакамлик судининг хулосалари бўлиши керак. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида низони Ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар суммаси, мазкур харажатларнинг ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ўртасида тақсимланиши, зарур ҳолларда эса, қабул қилинган ҳал қилув қарорини ижро этиш муддати ва тартиби кўрсатилади.

 

40-модда. Қўшимча ҳал қилув қарори

 

  1. Тарафлардан бири Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини олганидан сўнг, агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, ҳакамлик муҳокамаси давомида арз қилинган ва кўриб чиқилган, аммо қабул қилинган ҳал қилув қарорида ўз аксини топмаган даъво талаблари бўйича қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиш тўғрисидаги ариза билан ўн кун ичида Ҳакамлик судига бу ҳақда бошқа тарафни хабардор қилган ҳолда мурожаат этиши мумкин. Низони ҳал қилган Ҳакамлик суди таркиби мазкур ариза олинган кундан эътиборан ўн кун ичида уни кўриб чиқиши керак.
  2. Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш Ҳакамлик суди мажлисида амалга оширилади.
  3. Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг таркибий қисми бўлган қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилинади ёки қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиш тўғрисидаги аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилади.

 

41-модда. Ҳал қилув қарорини тушунтириш

 

  1. Ҳакамлик муҳокамаси тарафи Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини олганидан сўнг ҳал қилув қарорини тушунтириб бериш тўғрисидаги ариза билан ўн кун ичида Ҳакамлик судига, бу ҳақда ҳакамлик муҳокамасининг бошқа тарафини хабардор қилган ҳолда, мурожаат этишга ҳақли. Низони ҳал қилган Ҳакамлик суди таркиби ҳал қилув қарорини тушунтириб бериш тўғрисидаги ариза олинган кундан эътиборан ўн кун ичида уни кўриб чиқиши керак.
  2. Ҳакамлик суди ўзи қабул қилган ҳал қилув қарорини унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтириб беришга ҳақли.

3.Тегишли аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг таркибий қисми бўлган ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисида ажрим чиқарилади.

 

42-модда. Ёзувдаги хатоларни ва арифметик хатоларни тузатиш

  1. Низо бўйича ҳал қилув қарори қабул қилган Ҳакамлик суди ёзувда йўл қўйилган хатоларни ва арифметик хатоларни ҳакамлик муҳокамаси тарафининг аризасига кўра тузатишга ҳақли.
  2. Ёзувда йўл қўйилган хатоларни ва арифметик хатоларни тузатиш тўғрисидаги аризани низони ҳал қилган Ҳакамлик суди таркиби ариза олинган кундан эътиборан ўн кун ичида кўриб чиқиши керак.
  3. Тегишли аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг таркибий қисми бўлган ёзувдаги хатоларни ва арифметик хатоларни тузатиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

43-модда. Ҳакамлик судининг ажрими

 

  1. Ҳакамлик суди низонинг мазмунига дахл қилмайдиган масалалар юзасидан ажрим чиқаради.
  2. Ҳакамлик судининг ажрими устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.

44-модда. Ҳакамлик судининг ҳужжатлари ва уларнинг нусхаларини тасдиқлаш

 

  1. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ва ажрими ҳакамлик судьялари томонидан имзолангандан сўнг Ҳакамлик судининг муҳри билан тасдиқланади.
  2. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ва ажрими нусхалари Ҳакамлик судининг муҳри босилган Ҳакамлик судининг раиси имзоси билан тасдиқланади.

45-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини ижро этиш

  1. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори мазкур ҳал қилув қарорида белгиланган тартибда ва муддатларда ихтиёрий ижро этилади.
  2. Агар Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида ижро этиш муддати белгиланмаган бўлса, у дарҳол ижро этилиши керак.
  3. Агар Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида белгиланган муддатда ихтиёрий ижро этилмаган бўлса, у қонунчиликда кўрсатилган тартибда мажбурий ижро этилиши керак.

6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

46-модда. Ҳакамлик иши

 

  1. Ҳакамлик иши ҳакамлик муҳокамаси тарафлари томонидан Ҳакамлик судига тақдим этилган ҳужжатлар, ишни кўриш жараёнида Ҳакамлик суди томонидан талаб қилиб олинган ҳужжатлар, шунингдек қоғозда расмийлаштирилган Ҳакамлик суди ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар асосида шакллантирилади.
  2. Ҳакамлик иши электрон шаклда шакллантирилиши мумкин. Ҳакамлик иши электрон шаклда шакллантирилган тақдирда, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ҳужжатларни электрон шаклда Ҳакамлик судига тақдим этишга ҳақли. Ҳакамлик муҳокамаси тарафлари томонидан Ҳакамлик судига тақдим этилган ёзма ҳужжатлар ишга электрон шаклда қўшиб қўйилади, шундан сўнг ёзма ҳужжатлар уларни тақдим этган шахсларга қайтарилади.
  3. Ҳакамлик иши электрон шаклда шакллантирилган тақдирда, Ҳакамлик суди ҳужжатлари ҳакамлик судьясининг (судьяларининг) электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади, Ҳакамлик суди мажлисларининг ҳамда алоҳида процессуал ҳаракатларнинг баённомалари эса раислик қилувчининг ва Ҳакамлик суди мажлиси котибининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

47-модда. Низоларга доир ишларнинг сақланиши

 

Ҳакамлик судида кўрилган ишлар ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан бошлаб Ҳакамлик судида уч йил мобайнида сақланади.

 

48-модда. Ушбу Регламентнинг кучга кириши

Ушбу Регламент 2022 йил 25 августдан эътиборан кучга киради.